«Паспортга соқол билан расмга тушиш мумкинми?» Ўзбекистонда ID-карта олиш тартиби тушунтирилди

Ўзбекистонда ID-карта олишда соқолга ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаган. Бу ҳақда «Azon.uz» Ички ишлар вазирлиги aхборот хизматига таяниб, хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ID-карта олишда фақат кўзойнак ва бош кийим билан расмга тушиш мумкин эмас.

ID-картани олиш ва алмаштириш юзасидан қуйидаги тартиб белгиланган:

  • Ўзбекистон фуқаролари ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига (олиш ва алмаштириш учун) ёки давлат хизматлари марказларига (алмаштириш учун);
  • мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар — доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзилдаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига – олиш учун ва ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган бундай бўлинмаларга — алмаштириш учун мурожаат қилишлари мумкин.

Карта ҳужжатлар қабул қилиб олингандан сўнг 1 иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади, ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга — 15 кун муддатда уларнинг яшаш манзилига борган ҳолда карта расмийлаштирилади ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.

Аввалроқ Ўзбекистонда фуқароларга паспорт ўрнига ID-карталар бериш бошланиши ва Ўзбекистонда қанча фуқарога ID-карта берилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар