Бухорода 2020 йилнинг биринчи ярмида 76 та жиноят иши кўриб чиқилган

Бухоро вилоятида Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди томонидан 2020 йилнинг биринчи ярмида 76 та жиноят иши кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида 2020 йилнинг биринчи ярмида туман судида тамомланган жиноят ишлари 102 нафар шахсга нисбатан 76 тани ташкил қилган. Кўриб чиқилган жиноят ишларидан 81 нафар шахсга нисбатан 56 та жиноят иши бўйича айблов ҳукми чиқарилган. Қолган 21 нафар шахсга нисбатан 20 та жиноят иши ҳаракатдан тугатилган.

«Жами судланган 102 нафар шахснинг 6 нафари ёки 6 фоизига жарима, 38 нафари ёки 37 фоизига ахлоқ тузатиш ишлари, 25 нафари ёки 25 фоизига озодликни чеклаш, 7 нафари ёки 7 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланиб, 1 нафар шахсга шартли ҳукм, 4 нафари жазо тайинланмасдан, судланган. Мазкур даврда туман суди томонидан оқлов ҳукми чиқарилмаган. Вояга етмаган 1 нафар шахсга нисбатан 1 та жиноят иши кўриб чиқилган бўлиб, жарима жазоси тайинланган. Қонунга хилоф ишларга қўл урган шахслар орасида аёллар борлиги ачинарлидир. Жорий йилда ҳудуд бўйича 9 нафар аёлга нисбатан 8 та жиноят иши кўриб чиқилган бўлиб, барча жиноят ишлари бўйича айблов ҳукми чиқарилган», — деди Жиноят ишлари бўйича Бухоро тумани суди раиси Нозимжон Жўраев.

Қайд этилишича, 60 ёшдан ошган 2 нафар шахсга нисбатан 2 та жиноят иши кўриб чиқилган ҳамда 2 нафарига ҳам озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Туманда 2020 йилнинг биринчи ярмида кўрилган жиноят ишлари таҳлил қилинганда фирибгарлик (Жиноят кодекси 168-моддаси), транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш (Жиноят кодекси 266-моддаси), тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини тайёрлаш, сақлаш (Жиноят кодекси 248-моддаси), тақиқланган гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда экиш (Жиноят кодекси 270-моддаси) жиноятлари 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан ошганлиги қайд этилган.

Шунингдек, туман суди томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 42 нафар шахсга нисбатан сурункали алкоголизмдан мажбурий даволанишга юбориш, 40 нафар шахсга нисбатан маъмурий назорат ўрнатиш, 59 нафар шахсга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва 12 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги материаллар кўриб чиқилган ва қонун доирасида ҳал этилган.

Хабар берилишича, 2020 йилнинг биринчи ярмида туман суди томонидан жами 76 та жиноят ишидан 16 таси сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Ушбу даврда жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 55 та ёки ишларнинг 72 фоизи бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.

Aввалроқ Самарқандда сўнгги 7 ойда 2 185 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар