Фарғонанинг чекка қишлоғида яшовчи 3,5 минг фуқарога сайёр хизмат доирасида хорижга чиқиш паспорти берилди

Фарғона вилояти Шоҳимардон қишлоғида 3500 кишига хорижга чиқиш паспорти берилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, вилоятнинг қўшни Қирғизистон билан чегарадош олис ҳудудидаги Шоҳимардон қишлоғи аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида Ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан «Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш сайёр хизмати» фаолияти йўлга қўйилган.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Ўзбекистонда ягона бўлган, тажриба тариқасида жорий этилган мазкур сайёр хизмат тури «ГАЗЕЛЬ» русумли замонавий автомобиль таркибига жойлаштирилган бўлиб, малакали мутахассислар ва барча зарурий техник қурилмалар билан таъминланган.

Ўтган муддат давомида ушбу хизмат тури орқали 3500 нафарга яқин шоҳимардонлик фуқароларга миграция хизмати кўрсатилиб, хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилган. Шу билан бирга, 55 нафар 16 ёшга тўлган ўғил-қизларга биринчи марта фуқаролик паспорти расмийлаштирилган. Бунга қўшимча, 1 нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигига қабул килиш бўйича ҳужжатлари қабул қилинган.

Хабарда айни пайтда «Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш сайёр хизмати» Фарғонанинг анклав ҳудуди бўлган Чўнғара қишлоғида ўз фаолиятини давом эттираётгани маълум қилинган.

Аввалроқ карантин даврида хорижга кимлар чиқа олиши маълум қилинган эди. Шунингдек, «Uzbekistan Airways» АЖ 16 августдан 31 августгача халқаро қатновларнинг ва маҳаллий йўналишлар бўйича мунтазам парвозларнинг бир қисми мажбурий бекор қилиниши ҳақда хабар берган эди.

Янгиликлар