Фурқат туманида 21 нафар аёлга имтиёз асосида 48 та замонавий тикув машинаси берилди
Фарғона вилояти Фурқат туманида 21 нафар тикувчи аёлга имтиёз асосида 48 та замонавий тикув машинаси берилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, тумандаги «Тадбиркор аёл» уюшмаси томонидан тикувчилик қобилияти ва ҳунари бор, лекин нақд пулига тикув машиналари сотиб олиш имконияти етарли бўлмаган аёллар тоифалари ўрганилган. Уларга банклардан имтиёз асосида 3 йил муддатга йиллик 15 фоиз ставкаси билан кредитлар олиниши ҳамда замонавий тикув машиналари олиб келинишига амалий ёрдам кўрсатилган. 18 сентябь куни тумандаги 21 нафар тикувчи аёлга имтиёз асосида 48 та замонавий тикув машинаси олиб келиниб, тарқатилган.
Аввалроқ Ўзбекистон туманида «темир дафтар»даги 19 та оиланинг 16 ёшга тўлмаган болаларига жами 14 млн сўм ёрдам пули берилгани, Қўштепада кам таъминланган оилалар фарзандларига 500 минг сўмдан берилгани ҳақида хабар қилинганди.
Ундан ташқари, Андижон вилояти Хўжаобод туманида 25 нафар мактаб битирувчисига тикув машиналари топширилгани ҳамда Нуробод туманида 25 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизга тикув машиналари берилгани ҳақида хабар берилган.