Хориж фуқароларига Ўзбекистон визасини олиб беришни ваъда қилганлар ушланди

Сурхондарё вилоятида хорижий давлат фуқароси ва унинг оила аъзоларига Ўзбекистон визасини олиб беришни ваъда қилганлар қўлга олинди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Тадбир давомида икки нафар Ўзбекистон фуқароси Б.К. ва А.Н. хорижий давлат фуқароси (қайси давлат экани очиқланмаган) А.С.нинг ишончига кириб, таниши А.Ҳ. ва оила аъзоларига Ўзбекистонга кириш визасини олиб беришни ваъда қилгани аниқланган.

Шунингдек, Б.К. ва А.Н. мазкур визаларни танишлари ёрдамида 12 минг доллар эвазига олиб беришини айтиб, пулларнинг ярмини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.