Олтиариқда уч бош отни 21 млн сўмга сотиб олишини айтиб, пулини бермаган эркак ушланди

Фарғона вилоятида уч бош отни 21 млн сўмга сотиб олишини айтиб, пулини бермаган эркак ушланди. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 2020 йил февраль ойида 24 ёшли  фуқаро Ш.С. фуқаро Д.Б.дан уч бош отини жами 21 миллион сўмга сотиб олиб, келишилган пулларни 10 кунда тўлаб беришини ваъда қилган. Уч бош отни олиб кетиб, отларни бошқа одамга сотиб юбориб, пулларини сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 19 сентябрда Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик)1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида гумонланувчи Ш.С. томонидан Д.Б. га етказилган 21 милион сўм моддий зарар тўлиқ қопланган.

Жиноят иши 2020 йил 15 октябрда томонларнинг ярашганлиги муносабати билан Жиноят процессуал кодексининг 584-моддаси тартибида ярашув қарори асосида туман прокуратурасига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чустда 59 миллион сўмлик 2 та қорамолни алдов йўли билан олиб кетган эркакка чора кўрилгани ва Бувайда туманида суратхонага ўғриликка тушган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Сўнгра Бешариқда аёлнинг телефон, 900 доллар пули ҳамда паспорти солинган ҳамённи ўғирлаган эркак қўлга олингани ҳамда Янгиқўрғонда от нархини келишолмаган эркак қўшнисининг қовурғасини синдиргани маълум қилинди.

Янгиликлар