Самарқанд шаҳрида алимент тўламай келган отадан салкам 62 млн сўм ундирилди
Самарқанд шаҳрида ота вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун 61 миллион 600 минг сўм алимент тўлади. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими «Тez News»га хабар берди.
Таъкидланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарори билан фуқаро С.М.дан ундирувчи Г.A.нинг бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилган. Фуқаро С.М. бир неча йил фарзанди учун алимент тўловларини тўламасдан келаётганлиги аниқланган.
Қарздор С.М. билан тушунтириш ишлари ўтказилиб, ота фарзанди учун 61 миллион 600 минг сўм тўлаган.
Aввалроқ Ургутда алимент тўламай келган отадан салкам 36 миллион сўм ундирилгани ҳақида хабар берилганди.