Ургутда алимент тўламай келган отадан салкам 36 млн сўм ундирилди
Самарқанд вилояти Ургут туманида алимент тўламай келган отадан 35 миллион 868 минг сўм ундирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг қарори билан фуқаро С.М.дан ундирувчи Г.Н.нинг бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун тўртдан бир қисм миқдорида алимент ундириш бориш белгиланган. Ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Ургут туман бўлими томонидан ижро иши юритилган. Маълум қилинишича, С.М. алимент тўловларини тўламасдан келган.
Қарздор С.М. билан атрофлича суҳбат ўтказилиб, фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш борасида тушунтириш олиб борилган. Шундан сўнг ота 35 миллион 868 минг сўм пулни тўлаб берган.
Мавзуга доир:
Aввалроқ Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 миллион сўмдан ортиқ пул ундирилгани ҳамда Самарқанд шаҳрида бир йилдан бери алимент тўламаган ота 19 миллион сўм тўлаб бергани хабар қилинганди.