Ўзбекистондаги барча боғчалар ноябрь ойи охиригача очилади — МТВ

Ўзбекистондаги барча мактабгача таълим ташкилотлари ноябрь ойининг охирига қадар анъанавий таълим шаклига қайтади. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум бўлишича, ҳозирда вазирлик мутахассислари Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги ҳамда халқ депутатлари кенгашлари билан биргаликда боғчалар фаолиятини бошлаш бўйича иш олиб бормоқда.

Иш фаолиятини бошлаш ва болаларни қабул қилиш ҳуқуқи фақат СЭО агентлигидан рухсат олган мактабгача таълим ташкилотларига берилади. Лекин қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилаётган, ходимлари орасида коронавирус аниқланган боғчалар фаолияти тикланмайди.

Хабарда айтилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 5385 та давлат мактабгача таълим муассасаси (89 фоиз) очилган бўлиб, уларда 691,2 минг нафар бола тарбияланмоқда.

Aввалроқ Ўзбекистондаги давлат боғчаларида хитой тилини қўшимча чет тили сифатида ўргатиш режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда боғчанинг 0,5 ставкада ишловчи тарбиячилари ҳафтада неча кун ишга бориши кераклиги айтилгани хабар қилинган.