Ўзбекистондаги давлат боғчаларида хитой тилини қўшимча чет тили сифатида ўргатиш режалаштирилди

Мактабгача таълим вазири Aгриппина Шин ва Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним ўртасида 5 ноябрь, пайшанба куни онлайн учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, учрашув давомида келажакдаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Хусусан, Ўзбекистон ҳудудида ўйинчоқлар ва турли хил ўйин ускуналарини ҳамда дидактик материалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, давлат-хусусий шериклиги асосида нодавлат МТТни ташкил этиш таклифи илгари сурилган. Шу билан бирга, суҳбатдан давлат МТТларида хитой тилини қўшимча чет тили сифатида ўрганиш, бу борада ходимлар малакасини ошириш каби масалалар ҳам ўрин олган.

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати

Шунингдек, мактабгача таълим вазири Aгриппина Шин ва Ўзбекистондаги Хитойнинг фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида рақамли болалар боғчасининг пилот лойиҳасини ишга тушириш муҳокама қилинган. Таъкидланишича, Хитойнинг Сун Цинлин жамғармаси ҳамкорлиги доирасида ихтисослаштирилган МТТларнинг таълим сифатини ошириш, ходимларнинг билим салоҳиятларини кенгайтириш масалалари борасида фикр алмашилди.

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, ҳамкорлик доирасида Хитойда «Болаларнинг эрта ривожланиши учун инновацион ёндашув» номли Иккинчи ўзбек-хитой форумини ташкил этиш келишиб олинди. Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси номидан кам таъминланган оилалар фарзандларига 300 дона ўйинчоқ (термос ва кубик-рубиклар) совға қилинди.

Аввалроқ Марғилонда Туркиянинг Бурса Улудаг университети филиали очилиши, Ўзбекистонда Цзянси анъанавий Хитой табобати университетининг филиали очилиши, Бухоро давлат тиббиёт институтида ўқишни хоҳлаган Ҳиндистон фуқароси Деҳли судига мурожаат қилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар