«Болаларнинг ҳаётини сақлаб қолинг». Юнусободда ЙТҲ оқибатида вафот этган 2 ёшли боланинг акаси Президентга мурожаат йўллади

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида 24 август куни содир бўлган ЙТҲ оқибатида вафот этган 2 ёшли боланинг акаси Президентга ҳодиса жойига светофор ўрнатилишини сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Автоҳалокат туманнинг Юнус ота кўчасида 24 август куни соат 01:10 да содир бўлган. «Cоbalt» ҳайдовчиси пиёдаларнинг тартибга солинмаган ўтиш жойидан онаси билан ўтаётган ёш болани уриб юборган. ЙТҲ оқибатида 2,5 ёшли бола тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган, лекин шифохонада вафот этган. Мазкур йўл транспорт ҳодисасида вафот этган Тимур Чеховскийнинг укаси Президентдан фожиа содир бўлган жойга светофор ўрнатилишини сўраб, мурожаат йўллади.

«Бизда бахтсиз ҳодисалар кўп содир бўлади, машинада одамларни уриб кетишади… Бизда кўплаб коллежлар, болалар боғчалари, мактаблар бор. Мен сиздан светофор ўрнатиб беришингизни илтимос қиламан. Кексалар ва болаларнинг ҳаётини сақлаб қолинг», дейилади мурожаатда.

Маълум бўлишича, мазкур ЙТҲдан сўнг уларнинг отаси Евгений Чеховский йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдаги йўл-йўл чизиқни янгилаган ва йўл белгисини янгисига алмаштирган. Шунингдек, Евгений Чеховиский воқеа жойига светофор қўймоқчи эканлигини таъкидлаган. Шу сабабли у сентябрь ойида ана шу атрофда яшовчи аҳолидан имзо қўйдиришни бошлаган. У шу орқали автоҳалокатларнинг олдини олиши мумкинлигини айтган.

Фото: «Газета.uz»

«Агар биз буни ўз зиммамизга олмаганимизда буни ҳеч ким қилмаган бўлар эди. На маҳалла, на туман милицияси ходими, на шаҳар ЙҲХБ – ҳеч ким биздан қандай ёрдам кераклигини сўрамади. Ҳеч ким келиб, белгини янгилашни хоҳламади. Реакция ноль. Аммо энди биз одамлар йўлни хавфсиз кесиб ўтишлари учун Тошкентдаги ЙҲХБга бу ерда тугмали светофор қўйиш тўғрисида хат ёзмоқдамиз», – дейди Евгений Чеховский.

Янгиликлар