Самарқандда «Шавкат Миромонович Мирзиёев» номли оилавий корхона очилгани маълум бўлди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида «Шавкат Миромонович Мирзиёев» оилавий корхонаси очилган. Бу ҳақда «Daryo» хабар берди.

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Маълум қилинишича, корхона 2020 йил 14 февраль куни Давлат хизматлари маркази томонидан рўйхатга олинган. Регистр маълумотларига кўра, устав фонди 1000 (минг) сўмни ташкил этади. Корхонанинг 50 фоизи улуши Шохруз Тошпўлатовга, қолган 50 фоизи Абдулла Тошевга тегишли. Регистр маълумотларига кўра, унинг асосий фаолият тури — овқатланишни ташкил қилишнинг бошқа турларини ташкил этади.

Корхона раҳбари ва унинг иш бўйича шериклари президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатдан қувониб, оилавий корхонага унинг номини қўйганини таъкидлаган. Ҳозирда корхона ҳузуридаги ташкил этилган ошхона ва пайнет шохобчаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, корхона авиакасса, яъни туризм хизматларини кўрсатиш билан ҳам шуғулланади. Бироқ пандемия даврида бу йўналишдаги ишлар вақтинча тўхтаб қолган.

Фото: «Daryo»

«Тадбиркорлик фаолиятимни мактабни битириш арафасида бошлаганман. 27 йилдан бери шу соҳадаман. Очиғи, авваллари тадбиркор сифатида кўп қийинчилик кўрганмиз. Ҳозирги президентимиз давлат раҳбари бўлгач, йўлларимиз очилди, мен каби тадбиркор ва бизнесменлар қўллаб-қувватланяпти. Уларнинг олиб бораётган сиёсатидан қувониб, оилавий корхонамизга ‘Шавкат Миромонович Мирзиёевʼ номини қўйишга қарор қилдик», — дейди тадбиркор.

Хабарда ушбу оилавий корхонани «Шавкат Миромонович Мирзиёев» номи билан рўйхатдан ўтказишда давлат органлари томонидан ҳеч қандай эътироз ёки қаршилик бўлмагани айтилган.

«Бугун эгизак фарзандли бўлган кўпчилик болаларига катта орзулар билан президентнинг исм-фамилиясини қўймоқда. Мен ҳам яхши ниятда корхонамизга шу номни қўйдим. Бу номни беришдан олдин туманимизнинг собиқ ҳокими, раҳматли Аъзамхон ака Баҳромовдан маслаҳат сўраганимда, улар фикримга қўшилиб, қўллаб-қувватлаган», — дея қўшимча қилган Абдулла Тошев.

Аммо корхона фаолияти йўлга қўйилганидан сўнг бу ном кўпчиликда қизиқиш уйғотган. Корхона номини баннерларга ёзиб, реклама сифатида бирор жойга илиб қўйилмаган. Бу ном фақат ҳужжатларда ёзилган, уни банк, солиқ ходимлари билади, холос.

Аввалроқ Сурхондарёда «Вой Мани Окахонларим» номли оилавий корхона рўйхатдан ўтказилгани ва Тошкентда «Любая бизнес хороша» номли масъулияти чекланган жамият ташкил этилгани хабар қилинган эди.