Ўзбекистонда 2023 йилда 10 та микро ГЭС ишга туширилади, яна 50 тасини қуриш бошланади

Президент Шавкат Мирзиёев 19 январь куни энергия таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди ҳамда гидроэнергетика тармоғидаги режалар тақдимоти билан танишди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда энергетика тизимини ривожлантиришда барча манбалардан фойдаланилмоқда. Мавжуд қувватларни мустаҳкамлаш билан бирга қуёш, шамол ва гидро электр иншоотлари барпо этилмоқда.

Хусусан, сўнгги йилларда гидроэнергетика йўналишида 500 миллион долларлик 27 та лойиҳа амалга оширилиб, қўшимча 260 мегаваттли қувватлар яратилган. «Ўзбекгидроэнерго» тизимидаги станцияларнинг умумий қуввати 2 минг мегаваттдан ошган. Бу – йилига 2 миллиард куб метр табиий газ тежалмоқда, дегани.

2023 йилда 197 мегаваттли 7 та лойиҳа ва 10 та микро гидроэлектр станция ишга туширилиши режалаштирилган. Яна 438 мегаваттли 8 та истиқболли лойиҳа ва 50 та микро ГЭС қуриш бўйича ишлар бошланади.

Давлат раҳбари гидроэнергетикада салоҳият юқорилигини таъкидлаб, қувватларни кескин ошириш бўйича кўрсатмалар берган. Бу борада микро гидроэлектр станциялар қуриш мумкин бўлган 250 та майдон аниқланган. Ҳисоб-китобларга кўра, келгусида бу иншоотларда йилига 675 миллион киловатт-соат электр энергиясини ишлаб чиқариб, 200 миллион куб метр газни тежаш мумкин.

«Микро ГЭСлардан электр энергиясини юқори нархларда сотиб олиш йўлга қўйилгач, соҳага тадбиркорлар қизиқиши ортди. Гидроэнергетика иншоотлари атрофидаги бўш майдонларда шамол ва қуёшга мослашган гибрид станциялар қуриш бўйича топшириқ берилди. У ерларда тайёр инфратузилма борлиги ҳисобига харажатлар кам бўлади», — дейилади хабарда.

Давлат раҳбари соҳада маҳаллийлаштириш масаласига ҳам тўхталган. «Сувсаноатмаш» акциядорлик жамиятида микро ГЭС ускуналари, Тошкент вилоятида гидроагрегатлар ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берилган.

Шунингдек, сув омборларини бошқаришни рақамлаштириш, кадрлар малакасини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Йиғилишда аҳолини энергия билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинган. Президент мавжуд барча захираларни ишга солиш, янги ва истиқболдаги лойиҳаларни муддатидан кечиктирмаган ҳолда амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган.

Энергия танқислиги шароитида кунлик ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ресурсларни адолатли ва самарали тақсимлаб, жойларга изчил етказиб бериш, узилишларни тезкор бартараф этиш вазифалари белгиланган.

Янгиликлар