Тошкент вилоятида ер олиб бермоқчи бўлган сохта прокуратура ходими ушланди

Фуқаро 15 апрель куни Бош прокуратура Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ва Департамент ходимлари томонидан қўлга олинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, фуқаро А.Ж. ўзини Бош прокуратура Департаментида, яқин қариндоши эса Бош прокуратурада юқори лавозимда ишлашини қайд этиб, фуқаро Б.Ю.га Тошкент вилояти ҳудудида 1,5 гектар ер майдони ажратилишида тегишли қарор чиқартириб беришни ваъда қилган.

Таъкидланишича, ҳужжатларни расмийлаштириш эвазига 51 100 долларни қўлга киритиб, қолган 24 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Бундан ташқари гумонланувчи фуқаро А.Ж. муқаддам Жиноят Кодексининг қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун қидирувда бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар