Ўзбекистонда ер ва сув ресурслари муҳофазасига қаратилган қонун маъқулланди
2025 йил 30 апрелда Олий Мажлис Сенати ер ва сув ресурсларини муҳофаза қилишга қаратилган қонунни маъқуллади. Бу ҳақда Сенат хабар берди.
Унга кўра, ер ва сувдан фойдаланишда ҳисобот ва назорат тартиблари қатъийлаштирилади.
Қонун билан ер ва сув ресурсларидан фойдаланишда тартиб ва назоратни кучайтириш, айниқса бўш турган ерларни ҳисобга олиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бошқа тоифага ўтказиш, улардан фойдаланишда ҳуқуқ эгаларининг масъулиятини ошириш каби муҳим жиҳатлар белгилаб қўйилди.
Маълумотларга кўра, ер ости сувларидан рухсатсиз ва ҳисоблагичсиз фойдаланиш ҳоллари кўпайгани боис, қонун билан бу борадаги жавобгарлик кучайтирилди. Хусусан, Солиқ кодексига киритилган ўзгаришга кўра, ерости сувларини ҳисоблагичсиз олганларга нисбатан солиқ тўлови белгиланган ставканинг беш баравари миқдорида ундирилиши маълум қилинди.
Шунингдек, қудуқ бурғилаш учун рухсатнома бериш тартиби янгиланиб, эндиликда бу фаолият учун алоҳида лицензия жорий қилинади.
Қонун билан қуйидагилар ҳам белгиланмоқда:
• Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг турларини аниқлаштириш;
• Суғориладиган ерларни бошқа тоифага ўтказиш тартибини белгилаш;
• Нобуд бўлган қишлоқ ва ўрмон хўжалиги фаолиятининг ўрнини қоплаш ҳолатларини кенгайтириш;
• Маъмурий-ҳудудий бирликлар реестрига объектлар тўғрисидаги тизимли кодларни киритиш.
Мажлисда бу қонуннинг қабул қилиниши ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, асраш, маъмурий ахборот тизимларини такомиллаштириш ва ноқонуний фаолиятларнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилган.