Қозоғистонда ўтган бир суткада 244 кишида коронавирус аниқланди, Россияда касалликдан вафот этганлар сони 16 мингдан ошди

Қозоғистонда 20 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 103 815 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 86 450 нафари тўлиқ соғайган, 1415 нафари вафот этган.

Фото: «Nur.kz»

Aввалроқ Қозоғистонда коронавирусга қарши вакцина инсонларда синаб кўришга тайёр эканлиги ҳақда хабар берилганди. Маълум бўлишича, QazCOVID-in деб номланган маҳаллий вакцина барча синовлардан муваффақиятли ўтган.

Қирғизистон

Қирғизистонда 20 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, 42 146 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 34 885 нафари соғайиб, 1498 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 5763 киши коронавирусдан даволанмоқда. Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан касалланганлар сони 165 кишига кўпайган.

Фото: «Kloop.kg»

Aввалроқ Қирғизистонда сўнгги бир суткада 7 нафар тиббиёт ходими COVID-19 юқтириб олгани хабар қилинганди. Мамлакатда жами 3045 шифокор коронавирусга чалинган.

Тожикистон

Тожикистонда 20 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 8166 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 6971 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 65 нафари вафот этган.

Фото: «Asia-plus»

Aввалроқ Тожикистон Aдлия вазирлиги масъул ходими Мансуржон Умаров коронавирусга чалинганликда гумон қилиниб, шаҳар болалар юқумли касалликлари шифохонасига ётқизилгани маълум қилинганди.

Туркманистон

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Aйни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган. Aввалроқ июль—август ойларида Россия Туркманистонга 7,8 миллион долларлик дори-дармон экспорт қилгани ҳақда хабар берилганди.

Фото: «Хроника Туркменистана»

«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, экспорт маҳсулотлари орасида фармацевтика, тиббий асбоб-ускуналар ва шахсий ҳимоя воситалари ўрин олган.

Россия

Россияда 20 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 942 106 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистондан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 755 513 нафари соғайган, 16 099 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 4785 та янги ҳолат аниқланган.

Фото: «РИA Новости»

Aввалроқ Хитойнинг етакчи эпидемиологи Чжан Наншан Россия вакцинасини юқори баҳолаб, ҳукуматни препаратни рўйхатдан ўтказгани билан табриклагани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар