Учқўрғонда 5 та йўналишни ўз ичига олган янги шифохона қурилиши бошланди (фото)
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Учқўрғон туманидаги «Ўлжатўпи» маҳалласида «Ҳуррият Севинчой» МЧЖ томонидан барпо этилаётган тиббиёт комплекси қурилиши билан танишди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги хабар қилди.
Хабарда келтирилишича, мазкур МЧЖ раҳбари Ҳуррият Ортиқова 2020 йил 5 июнь куни вилоят ҳокими билан Учқўрғонга сафари давомида кўришганида замонавий клиника қуриш режасини билдирган ва бунинг учун ер майдони ажратилишида амалий ёрдам сўраганди. Ташаббус қўллаб-қувватланди ва орадан ҳеч қанча ўтмай, комплекс қурилиши бошлаб юборилди.
Қайд этилишича, 5 та йўналиш — ташхис, физиотерапия, гинекология, туғруқхона ва болалар шифохонасини ўз ичига олган комплекс йил охирига қадар битказилиши ва бу ерда 70 нафардан ортиқ тиббиёт ходими меҳнат қилиши кўзда тутилган.
«Бу каби серғайрат, ишнинг кўзини билган тадбиркорларга ҳар қанча тасанно айтсанг ҳам оз. Туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари уларни қўллаб-қувватлаб, бизнес юритиши, янги объектларни ишга туширишида яқиндан ёрдам берса кифоя», — деди вилоят ҳокими.
Эслатиб ўтамиз, Андижонда коронавирусга чалинган беморлар учун 700 ўриндан иборат шифохона тайёр ҳолатга келтирилгани ҳамда Наманган ҳокими вилоятдаги қиймати 16 миллиард сўмлик қурилиш объектлари билан танишгани ҳақда хабар қилинганди.