Янгийўлда «Жиҳодчилар» оқими аъзолари қўлга олинди. Улар орасида Суриядаги жангларда иштирок этганлар ҳам бор

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бош бошқармаси томонидан Янгийўл шаҳри ва туманида ўтказилган тезкор тадбирда «Жиҳодчилар» оқимининг бир нечта аъзоларидан иборат гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур гуруҳни ташкил қилган 4 нафар шахс Суриядаги террористик ташкилот аъзолари сафига бориб қўшилиб, жанговар ҳаракатларда иштирок этган.

Улар ўз навбатида Янгийўл шаҳар ва туманида яшовчи яқин танишларини ҳам шу йўлга даъват қилиб, Сурия давлатидаги «Тавхид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти сафига бориб қўшилишни режалаштирган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Фарғонада Telegram орқали ИИБ ходимини «жиҳод»га ундаган 22 ёшли қиз қўлга олингани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Aндижонда «Жиҳодчилар» гуруҳига қўшилиб қолган йигит ва Бойсунда «Жиҳодчилар»нинг аъзолари қўлга олингани хабар қилинган.

Янгиликлар