«Авто идеал хизмати» мансабдорларига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Улар 1800 дан ортиқ фуқарони 34,5 млрд сўмга чув туширган

Тошкент шаҳар Яккасарой туманида 1800 дан ортиқ фуқарони 34,5 миллиард сўмга чув туширган «Авто идеал хизмати» МЧЖ ходимлари ушланди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, «Авто идеал хизмати» МЧЖ 2019 йил октябрь ойида фаолиятини бошлаган. 2020 йил 11 октябрь санасидан бошлаб 2020 йил 29 февралга қадар корхона номига фуқаролардан машина турига қараб 10 миллион сўмдан 80 миллион сўмгача бўлган пул маблағлари, автомашина учун бошланғич тўлов сифатида банк кассалари ва жамият кассаси орқали қабул қилиб олган. Жинояти фош бўлмаслиги учун жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тузилган 1831 та шартномадан 219 нафар фуқарога транспорт воситаси етказиб берилган.

«1694 нафар фуқарони келгусида пулни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан йилига 5 фоиз устама ҳақига 5 йилда транспорт воситаларини етказиб бериш билан қизиқтирган. Улардан жами 34,5 миллиард сўм пул маблағларини қабул қилган. 1694 нафар фуқаро билан шартнома тузган бўлса, 219 та автомашинани етказиб берган. 1400 дан зиёд фуқарога машиналар ётказиб берилмаган», — дейди ИИБ ҳузуридаги тергов департаменти бўлими бошлиғи.

Мазкур ҳолат юзасидан корхона раҳбарлари Рихсиев, Нуриддинов ҳамда корхонанинг 11 нафар ходими Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида сўроқ қилиниб, қамоққа олинган.

Аввалроқ «Straus House» мансабдор шахсларига нисбатан суд ҳукми эълон қилиниб, компания таъсисчиси 9 йилга озодликдан маҳрум этилгани, Сирдарёдаги қурилиш ишларида 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани маълум бўлганди.

Шунингдек, Навоий шаҳар давлат солиқ инспекцияси «Zarafshon Golden Group» МЧЖдан 6 миллиард сўм пул маблағларини ноқонуний ундиришга ҳаракат қилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар