Қоракўлда 43 млрд сўмдан ортиқ маблағга 38 км йўл таъмирланди (фото)

Бухоро вилояти Қоракўл туманида 2020 йил давомида 43 миллиард сўмдан ортиқ маблағга 38,33 км йўл таъмирланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, туманда 2020 йилги йўл қурилиш ҳажми 2019 йилга нисбатан 2 баробарга ошган. Деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган «Бандбоши», «Янгибозор», «Деҳқонобод», «Қораун», «Дўрмон», «Оқолтин», «Тинчлик», «Кетмондўгди», «Ваҳм» маҳаллалари йўлларидаги қурилиш ишлари якунланган.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Туманда 2020 йил давомида 38,33 километрдан иборат жами 43 миллиард 134 миллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва қайта тиклаш ишлари амалга оширилган. Бундан ташқари, қўшни ҳудудлар билан боғловчи 60 километрдан ошиқ йўл ва  4 та кўприк таъмирланган.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Шунингдек, 4Р-76 Қоракўл шаҳри—Қоракўл темир йўл бекати—Янгибозор қишлоғи—Жиғачи сув чиқариш шоҳобчаси автойўлида 7 миллиард 500 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Яқин кунларда мазкур йўл қисми тўлиқлигича фойдаланишга топширилиш арафасида.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги матбуот хизмати

«Янгитурмуш» маҳалласидан ўтувчи 4Н-170 йўлида ҳам 3 километрдан иборат 7 миллиард сўмлик, «Шўрработ» МФЙдан ўтувчи 2 км йўлда 3 миллиард сўмдан ортиқ таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Пахтаобод туманидаги 4 та маҳаллага 4,5 километр асфальт ётқизилгани ҳамда Иштихондаги 6 километрлик йўл таъмирига 890 миллион сўм маблағ ажратилганлиги ҳақида хабар берилганди.