Самарқандда вояга етмаганларга хизмат кўрсатаётган тунги бар аниқланди (видео)

Самарқанд шаҳрида вояга етмаганларга хизмат кўрсатаётган тунги бар аниқланди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 5-сонли ички ишлар бўлими томонидан рейд тадбирлари ўтказилган.

Карантин сабабли тунги бар ва дискотекаларга рухсат берилмаган. Аммо «Vegas» номли барда вояга етмаганларга ҳам хизмат кўрсатилаётгани аниқланган. Барнинг эгаси бу болалар унинг жияни эканлигини маълум қилган.

Бундан ташқари, тадбир давомида караоке барда эса фуқаролар ўртасидаги ижтимоий масофа сақланмаётгани, ходимларда тиббий қўлқоп ва ниқоблар йўқлиги аниқланган.

Аввалроқ Ўзбекистон масжидларида 5 сентябрдан жума намозларига рухсат берилиши маълум қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда 5 сентябрдан умумий овқатланиш объектлари, парклар ва театрлар фаолиятига рухсат берилиши маълум бўлди.

Шунингдек, 5 сентябрдан кейин қайси карантин чоралари сақланиб қолиниши ҳақида хабар берилди.

Янгиликлар