Жомбойда етиштириладиган ёнғоқ АҚШ, Россия ва Германияга экспорт қилинади

Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги «Қўлбости» маҳалласида 550 гектар майдонда етиштириладиган ёнғоқ АҚШ, Россия ва Германияга экспорт қилинади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Жомбой туман ҳокимлиги матбуот хизмати

«Ёнғоқзор келгуси йилдан бошлаб тўлиқ ҳосилга киради. 2021 йилда АҚШ, Россия, Германия ва бошқа мамлакатларга маҳсулот етказиб берилади. Хабарингиз бор, бу йил апрель ойидаги ноқулай об-ҳаво шароити маҳаллий ёнғоқларга салбий таъсир кўрсатди. Дарахтларнинг 70—80 фоизи гулини тўкиб юборди. Аммо бундан интенсив ёнғоқзор зарар кўргани йўқ. Чунки чандлер ёнғоқлари май ойида гуллайди. Эрта баҳорда кутиладиган совуқлар унга зиён қилмайди. Бу ҳам интенсив боғдорчиликнинг ўзига хос ютуғи. Октябрь ойида йиғиб олинадиган нишона ҳосил лаборатор текширувга олинади. Намуна сифатида чет эл мутахассисларига ҳам кўрсатамиз. Ҳозирча уч-тўрт йиллик ёш дарахтларнинг ривожланиши, ҳосил бериши белгиланган талабга мос келяпти. Бу эса туман иқдисодиёти, қишлоқ хўжалиги учун муҳим янгиликдир», — дейди «САГ-Агро» МЧЖ раҳбари Фариддун Розиқов.

Аввалроқ БАА, Россия, Хитой, Индонезия ва Европа давлатларига Наманганда етиштирилган 4,3 миллиард долларлик қовун, экспорт қилингани ҳақида хабар берилганди. Андижон эса хорижга 2,8 миллион долларлик қовун экспорт қилган.

Янгиликлар