Навоийда 2,2 гектар ерни 200 минг долларга сотмоқчи бўлганлар ушланди

Навоий вилояти Кармана туманида иссиқхона қуриш учун ажратилган 2,2 гектар ерни 200 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди.

Маълум қилинишича, фуқаро М.Ш. ва бошқалар Кармана тумани, «Арғун» МФЙ ҳудудидан «А.Н.К» МЧЖга иссиқхона қуриш учун ажратилган 2,2 гектар экин ер майдонини 200 минг АҚШ долларига сотишга келишган. Ушбу ер майдонида намунали турар-жой бинолари қуриш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришга келишиб, гаплашилган пуллардан 20 минг АҚШ долларини ариза муаллифидан фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан М.Ш. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган. Фуқаро Б.А.нинг Навоий вилоят ИИБ Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмасига қилган мурожаатига асосан, вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.