Хайрулло Бозоров Ёзёвонда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича «Йўл харитаси» билан танишди (фото)

Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Ёзёвон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»га кўра амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, «Баҳромбек» фермер хўжалиги негизида дон маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил қилиш кластер лойиҳаси 1,1 гектар майдонда бунёд этилаётган бўлиб, ушбу лойиҳа қиймати 5,5 миллиард сўмни ташкил этади. Лойиҳага 500 минг доллар банк кредити йўналтирилган ва бу орқали 35 та иш ўрни яратилади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 20 минг тоннага тенг.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Ёзёвон шаҳарча фуқаролар йиғинида лойиҳа қиймати 4,2 миллион сўм бўлган иссиқхона 3 гектар майдонда ташкил этилади. Унинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида 11 та иш ўрни яратилади. 300 минг доллар миқдорида хорижий кредит линияси шакллантирилган. 1,2 миллиард сўм маблағни тадбиркор ўз ҳисобидан сарфлайди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, вилоят ҳокими Андижон—Тошкент магистраль йўлининг Ёзёвон тумани «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғини худудида ташкил этилган пахтани қайта ишлаш орқали нотўқима махсулотлар тайёрлаш лойиҳаси билан танишди. Лойиҳа қиймати 4 миллиард сўмни ташкил этади. 3,2 миллиард сўм банк кредити, қолгани эса тадбиркорнинг ўз ҳисобидан шакллантирилган. Йиллик 2,9 миллион погона метр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда пахта қайта ишланиб, 2,3 қаватли калава ип тайёрланади. Келгусида ундан сочиқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шу ернинг ўзида пахта чиқиндисидан той пахта тайёрлаш цехи ҳам ташкил этилган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Ёзёвон туманида 16 минг 645 гектар экин майдони мавжуд бўлиб, 126 та фермер хўжалик фаолият кўрсатади. 7 600 гектарда бошоқли дон, 5 210 гектарда пахта ҳосили етиштирилади. 600 гектар майдон кластерга берилган. Туманда 8 та фермер хўжалиги режани бажармаган.

«Пахтачиликда, энг аввало, кузги шудгор ишларини вақтида, сифатли бажариш лозим. Қолаверса, ер банитети, иқлим шароитига мос навларни танлашда илм билан инновацияни ҳамкорликда олиб бориш керак. Шундагина бугунгидек 30 центнер эмас, 40 центнерга етказиб ҳосил олиш мумким», — деди Хайрулло Бозоров.

Аввалроқ Боғдодда депутатлар туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни тузгани ҳақида хабар берилганди.