Хайрулло Бозоровнинг Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури эълон қилинди
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг «Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси ва бошқа долзарб масалалар»га бағишланган кенгайтирилган видеоселектр йиғилишидаги маърузаси эълон қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Хайрулло Бозоров ўз маърузасида қуйидагиларни айтиб ўтган:
- 2020-2021 йилларда вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш қайси бир идорадан қатъий назар энг асосий вазифага айлантирилади;
- вилоятда тадбиркорлар сонини кўпайтириш, ёрдам бериш, керак бўлса, оёққа тургунча ёрдамчи бўлишимиз керак. Бу ишларни мувофиқлаштириш учун вилоят ҳокимлиги тадбиркорлик гуруҳи, бизнес омбудсман, савдо-саноат палатаси ходимлари бирлаштирилади. Малакали, замонавий кадрлар билан тўлдирилади ва вилоят ҳокимлиги таркиби сифатида фаолият бошлайди ва Давлат активлари бошқармаси жойлашган бинода Тадбиркорлик уйи ташкил этилади;
- саноат ва тармоқ кластерлари янада ривожлантирилади. Бунда корхоналараро кооперация алоқаларини кенгайтириш ва йирик корхоналар ўз атрофига кичик корхоналарни бирлаштириш натижасида тўлиқ ишлаб чиқариш цикли ташкил этилади;
- «Қўқон эркин иқтисодий зонаси» ва кичик саноат зоналари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш, 180 гектар бўш турган лойиҳаларни салоҳиятли хорижий, маҳаллий инвесторларга бериш орқали амалдаги 25 та кичик саноат зоналарини 76 тага етказилади. Яъни ҳар бир сектор ўзининг ҳудудида Кичик саноат зонасини ташкил этади;
- қурилиш соҳасини ривожлантиришга устувор вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратилади. Барча ҳудудларда коммуникацияни ҳисоб — китоб қилган ҳолда массивлар танлаб олинади, йўлдош шаҳарчаларга айлантириш лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кўп қаватли уйлар сонини йилига 300 тага олиб чиқилади;
- спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини жорий этиш мақсадида Ўзбекистондаги дарға футбол жамоаларидан бўлган «Нефтчи» жамоасининг аввалги мавқеи тикланади, жамоани «Қиргули» шаҳарчасидаги базаси замонавий ўқув йиғини базасига айлантирилади ҳамда клуб академияси ташкил этилади. «Истиқлол» футбол командасини қўллаб-қувватлаш, болалар ва ўсмирлар футбол мактабини очиш чоралари кўрилади, хорижий мураббийлар олиб келинади.