Фарғонада қатор туманлар фаолияти «қониқарсиз» деб топилди

Фарғона вилоятида 29 cентябрь куни вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси ва бошқа долзарб масалалар юзасидан кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров, сектор раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари, депутатлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, шаҳар, туман студияларидаги фаоллар иштирок этган. Йиғилишни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров очган ва олиб борган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Хайрулло Бозоров йиғилиш давомида вилоятдаги секторлар, ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари очиқлик асосида ишлаши, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш баробарида ижтимоий тармоқлар орқали ҳам мурожаатларни қабул қилиши, ҳудудларга бориб, йўналишлар бўйича муаммоларни ўрганиши ва ҳал этиш чораларини кўриши ҳақида айтиб ўтган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, вилоят, шаҳар ва туманларда «Тадбиркорлар уйи» ташкил этилиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорнинг муаммоси шу ерда ечим топади.

Таъкидланишича, биринчи марта мамлакатдаги туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилиб, таҳлиллар асосида улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати «яхши», «ўрта» ва «қониқарсиз» ҳудудларга ажратилган. Бунга кўра, вилоятдаги Фурқат, Ёзёвон ва Қўштепа туманлари «қониқарсиз» деб топилган. Aйни кунларда мазкур ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этиш тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, йиғилишда камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилалар учун даромад манбаини топиб беришга ёрдам бериш барча сектор раҳбарларининг кундалик иш тартибидан жой олиши кераклиги таъкидланган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Дастлаб Фарғона, Қўқон шаҳарларида ‘халқ назорати’ платформасини ишга туширишни режалаштирганмиз. Aҳоли учун бу мулоқот майдони бўлади. Улар ҳудуддаги муаммоларни бемалол айта олсин. Мутасадди раҳбарлар эса уларни ҳал этиш чоралари кўриши лозим. Шунингдек, матбуот ва ижтимоий тармоқларда холис, асосли танқид бўлса, биз бемалол қабул қиламиз», — дейди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.

Аввалроқ Ғиждувон ҳокими туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан ўринбосарлари билан йиғилиш ўтказгани ҳамда Cамарқанд вилояти ҳокими хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишлари талаб даражасида эмаслигини маълум қилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар