Наманган вилояти пахта топшириш режасини 100 фоизга бажарди

Наманган вилояти 20 октябрь куни пахта топшириш йиллик режасини 100,03 фоизга бажарди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, вилоятда жами 201 минг 849 тонна пахта ҳосили йиғилган бўлиб, вилоят Фарғона, Aндижон ва Хоразм вилоятларидан сўнг республикада тўртинчи бўлиб пахта топшириш йиллик ражасини бажарди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, вилоятда 2020 йил ҳосили учун 1849 та фермер хўжалиги ва 7 та кластер корхонаси томонидан 63 406 гектар майдонга чигит экилиб, ҳар гектардан ўртача 31,7 центнердан жами 201 250 тонна пахта хом ашёси етиштириш бўйича контрактация шартномалари тузилган. Шунингдек, 63 минг 406 гектар майдондан:

  • 28 минг 394 гектарига (45 фоиз) «Aндижон-35»;
  • 10 минг 986 гектарига (17 фоиз) «С-6524»;
  • 10 минг 770 гектарига (17 фоиз) «Султон»;
  • 4737 гектарига (7,5 фоиз) «Наманган-34» нави
  • 8519 гектар (13 фоиз) майдонга янги навлар экилган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, теримни тизимли ташкил этиш мақсадида 1381 та отряд шакллантирилиб, 184 минг нафардан ортиқ теримчи жалб этилган. Уларга етарли шарт-шароитлар яратилиб, мунтазам равишда рағбатлантириб борилган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, вилоятда 45 та терим машинаси бу жараёнда қатнашган. Шунингдек, 2019 йилда 13 та пахта терим машинаси бўлган бўлса, 2020 йилнинг ўзида 32 та янги пахта терим машинасини сотиб олинган. Вилоятда айни вақтга қадар Чортоқ, Мингбулоқ, Наманган, Тўрақўрғон, Норин ва Поп туманлари пахта сотиш режасини бажарди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Наманган туманида, Норин ва Поп туманларида пахта топшириш режаси 100 фоизга бажаргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Давлат солиқ бошқармаси Наманганда тадбиркорлардан пахта терими учун пул йиғилаётгани ҳақидаги хабарга муносабат билдиргани хабар қилинганди.

Янгиликлар