Фарғона республика бўйича пахта топшириш режасини биринчи бўлиб бажарди

Фарғона вилоятида 2020/2021 пахта йиғим-терим мавсумида 250 минг тонна ҳосил териб олинди. Бу кўрсаткич билан вилоят республика бўйича пахта топшириш режасини биринчи бўлиб бажарди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йилда 82 минг гектардан зиёд майдонда ғўзанинг «С-8290», «Наманган-77», «Султон», «С-6524» навлари экилган. Агротехник тадбирларга эътибор қаратилгани, пахтани сифатли териб олиш, теримга фермер хўжалиги аъзоларини ва иш билан банд бўлмаган уюшмаган аҳолини ихтиёрий жалб этиш бўйича чоралар кўрилган.

Қайд этилишича, 15 иш кунида вилоятнинг Бувайда, Учкўприк, Риштон туманлари пахта сотиш шартномавий режасини республикада биринчилардан бўлиб бажарган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, Фарғонада пахта терими 10 сентябрдан бошланган.

Бундан аввал Бухоронинг Қоровулбозор, Андижоннинг Улуғнор, Пахтаобод, Булоқбоши ва Наманганнинг Чортоқ туманлари пахта топшириш режасини биринчилардан бўлиб бажаргани ҳақида хабар қилинган эди.

Янгиликлар