Aндижон республикага пахта топшириш режасини 100 фоизга бажарди
Андижон вилоятида 2020/2021 пахта йиғим-терим мавсумида cалкам 252 минг тонна ҳосил териб олинди. Бу кўрсаткич билан вилоят республикага пахта топшириш режасини 100 фоизга бажарди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати «Теz News»га хабар берди.
Маълум бўлишича, 2020 йилда андижонлик пахтакорлар 79 минг 391 гектар майдонга чигит экди. Белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилганлиги сабаб деҳқонларнинг самарали меҳнати эвазига пахта йиғиб олинди.
Йиғим-терим ишларини ўтказиш учун вилоятда 2 минг 392 та терим отряди шакллантирилди. Вилоят пахтакорлари томонидан 15 cентябрдан пахтани йиғиб-териб олиш ишлари бошланиб, айни кунга қадар давлат омборларига 251 минг 773 тонна пахта топширилди. Белгиланган режа 100,3 фоизга бажарилди.
Ҳозирга қадар вилоятнинг Булоқбоши, Марҳамат, Пахтаобод, Улуғнор, Балиқчи, Кўрғонтепа, Избоскан, Хўжаобод туманларида пахта топшириш режаси бажарилган бўлса, Шаҳрихон, Олтинкўл, Андижон ва Бўстон туманлари эса яқин кунлар ичида режани бажариши кутилмоқда.
Аввалроқ Фарғона республика бўйича пахта топшириш режасини биринчи бўлиб бажаргани хабар қилинганди.