Россияда ўрмондан топилган ўзбек «Маугли» болага «метрика» берилди

Россиянинг Москва вилоятидаги Балашиха ўрмонидан топилган «Маугли» лақабли боланинг отаси аниқланиб, болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилди. Бу ҳақда Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Ксения Мишонова ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.

Фото: Instagram/ @kseniya_mishonova

Таъкидлаишича, Россиядаги ўрмондан бир неча ойдан буён отаси билан яшаётган «Маугли» бола топилгани ҳақида хабар берилганди. Маълумотларга кўра, Балашиха ўрмонидан топилган Маугли лақабли болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилган.

Суд «Маугли» билан бирга яшаётган одамнинг унинг ҳақиқий отаси эканлигини тасдиқлаган. Мазкур қарор ДНК-тест асосида тасдиқланган ва бунинг учун зарур ҳужжатлар тўпланган. Мазкур ишга Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳам ёрдам берган. Тез орада эркакка ватанга қайтиш тўғрисида сертификат берилиши кутилмоқда.

«Кун яхши янгилик билан якунига етяпти. Балашиха ўрмонида яшаган Амал исмли болакайимиз бугун иккинчи марта отасини топди. Болада ҳужжатлар бўлмагани учун унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасига отасини қайд этиш учун суд қарорини кутиш керак эди. ДНК таҳлили, ҳужжатларни йиғиш ва қайта тиклашга вақт кетди. Энди мажбурий айрилиқ ортда қолди. Олдинда узоқ ва бахтли ҳаёт турибди, дея умид қиламиз. Ҳаммаси яхши бўлади», — деб ёзади омбудсман.

Аввалроқ Россияда 27 ёшли ўзбек йигити устига ер ўпирилиб тушиши оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар