Қашқадарёда йўл патруль хизмати ходимининг машинаси ёниб кетди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 18 декабрь куни йўл патруль хизмати ходимининг машинаси ёниб кетди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, воқеа 18 декабрь куни соат 16:50 ларда Қарши шаҳар, Мустақиллик кўчасида жойлашган вилоят ҳокимлиги биносининг рўпарасида содир бўлган. Маълум қилинишича, вилоят Ички ишлар бошқармаши йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл потрул хизмати ходими М.О. бошқарувидаги «Lacetti» русумли махсус хизмат автомобилининг двигател қисмида ёнғин юзага келган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Ёнғин тез фурсатларда бартараф этилган. Транспорт воситасининг двигател ва капот қисми зарарланган. Мазкур ҳодиса юзасидан Қарши шаҳар ИИБ ЙҲХБ ва Фавқулотда вазиятлар бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ёнғин юзага келиш сабабларига аниқлик киритилмоқда.

Аввалроқ Наманганда юк машинасига бориб урилган «Nexia»даги 6 киши ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сурхондарёда таъмирланаётган йўлда «Cobalt» ағдарилиб кетиб, ҳайдовчи ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Янгиликлар