Ўзбекистон аҳолиси 2020 йилда нақдлаштирган маблағ миқдори очиқланди

Ўзбекистондаги банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 2020 йилда 360,1 триллион сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 25,4 фоизга ошди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, банклар кассаларига нақд пул тушумлари 179,9 триллион сўмни, ўз навбатида, чиқим қилинган нақд пуллар 180,2 триллион сўмни ташкил этган. 2020 йилда банклар орқали нақд пул айланмалари динамикаси мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий ҳолатдан келиб чиқиб, жумладан, пандемия шароитида жорий этилган карантин даврида иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва карантиндан сўнг қайта жонланиши таъсирида шаклланган.

Банклар кассаларига нақд пул тушумлари 2020 йилнинг чораклар кесимида кўриладиган бўлса, коронавирус пандемияси шароитида йилнинг II чорагида сезиларли пасайиш кузатилган. Жумладан, банклар кассаларига нақд пул тушумлари I чоракка нисбатан 26 фоизга камайган бўлса, карантин талабларининг юмшатилиши ортидан иқтисодий фаолликнинг ортиши натижасида IV чоракда II чоракка нисбатан 76 фоизга кўпайган.

Маълум қилинишича нақд пул тушумларининг IV чоракда II чоракка нисбатан ўсиш ҳажмининг қарийб 12,4 триллион сўми савдо ва пуллик хизматлардан, 6,2 триллион сўми банк хизматлари бўйича тушумлар ҳиссасига тўғри келган. Хусусан, 2020 йил январь ойида пенсия тўловларининг 17 фоизи, иш ҳақи тўловларининг 66 фоизи банк карталари орқали тўланган. Йилнинг охирги декабрь ойида эса пенсия тўловларининг 31 фоизи ҳамда иш ҳақи тўловларининг 83 фоизи банк карталарига ўтказилган.

Умуман олганда, 2020 йилда банк карталарига жами 180,5 триллион сўмлик маблағлар келиб тушиб, ушбу даврда банк карталаридаги 62,2 триллион сўмлик (34,4 фоиз) маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган. Бундан ташқари, 2020 йилда банклар кассалари (шу жумладан, банкоматлар) орқали чиқим қилинган нақд пуллар 2019 йилга нисбатан қарийб 25 фоизга ошиши кузатилган бўлса, мазкур ҳолат асосан банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг 25,6 триллион сўмга (1,7 баробар) ўсиши ҳисобига юзага келган.

«Муомалада банкнотлар сонининг камайиши аҳоли учун нақд пулдаги тўловларда қулайликлар яратишга, банклар учун эса нақд пуллар билан ишлашни, жумладан, уларни санаш, саралаш ва ўраб-боғлаш жараёнларини енгиллаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар соҳасидаги ҳисоб-китобларда қайтим пуллари (майда пуллар) сифатида фойдаланиш учун 2020 йил давомида қўшимча 17,1 миллиард сўмлик янги тангалар муомалага чиқарилиб, уларнинг муомалада бўлган жами нақд пуллар таркибидаги миқдорий салмоғи 0,08 фоиздан 0,13 фоизга (37,4 миллиард сўмга) етди», дейилади Марказий банкнинг нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳида.

Аввалроқ Ўзбекистонда пулни нақдлаштиришда ушлаб қолинадиган 1 фоизлик тўловни енгиллаштириш масаласи кўриб чиқилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон бўйлаб ўрнатилган банкоматлар сони маълум қилинган.

Янгиликлар