Ўзбекистон бўйлаб ўрнатилган банкоматлар сони маълум қилинди

Ўзбекистон бўйлаб ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сони 2020 йилда 11 621 тани ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарда маълум қилинишича, бу кўрсаткич 2019 йилнинг 1 декабрь ҳолатига нисбатан 2912 тага кўпайган. Бу 33 фоизга ошганини англатади.

Шунингдек, ўрнатилган тўлов терминаллари сони 437 минг 163 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 62 минг 36 тага ёки 17 фоизга ошган.

Бундан ташқари, муомаладаги банк карталари сони эса 26 миллиондан ошиб, ўтган йилга нисбатан 5,9 миллион донага кўпайди.

Аввалроқ Ўзбекистонда пулни нақдлаштиришда ушлаб қолинадиган 1 фоизлик тўловни енгиллаштириш масаласи кўриб чиқилиши ва Самарқандда март—октябрь ойларида 165 та банкомат ўрнатилгани хабар қилинганди.