Қашқадарёда болаларини ўлдириш билан қўрқитган отага чора кўрилди

Қашқадарё вилоятида фарзандларини ўлдириш билан қўрқитган ота қамоққа олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Қашқадарё вилоятида ота ўз болаларига ўлдириш билан таҳдид қилгани ҳақида хабар берилган эди. Аниқланишича, фуқаро А.Р томонидан вояга етмаган фарзандлари Ах.Ж ва Ад.Жларни ўлдириш билан қўрқитиб, ҳақоратлаб, тазйиқ ўтказиб келаётганлиги тасвирга олинган.

Маълум қилинишича, 21 январь куни вилоят прокурори томонидан мутасадди ташкилот вакиллари иштирокида вояга етмаган Ах.Ж ва Ад.Жни бувиси М.Х билан бирга вилоят прокуратурасига таклиф қилинган. Ўтказилган суҳбат жараёнида вояга етмаган шахслар отаси томонидан муттасил қийнаб, уриб, ҳақоратлаб келинганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Р. қамоққа олинган. Шунингдек, вояга етмаган шахслар ижтимоий ҳимояга олиниб, тергов ҳаракатлари юзасидан назорат ўрнатилган.

Аввалроқ жасади чамадондан топилган Олий суд ходимининг қотилларига суд ҳукми ўқилгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Андижонда синглиси билан гаплашмасликни тайинлаган акани пичоқлаган йигитга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар