Ўзбекистонда «Ёшлар дафтари»га киритилганлар учун яна бир имтиёз берилди

Ўзбекистонда «Ёшлар дафтари»га киритилганлар учун 2022 йил 1 июндан яна бир имтиёз берилди.

Келтирилишича, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда ўтказиладиган кириш тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловлардан озод этилади.

Марказларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматларидан фойдаланиш учун ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи жойлар ташкил этилади. Бунда, марказларда фаолият олиб бораётган операторларнинг камида 1 нафари давлат хизматларидан мустақил фойдаланмоқчи бўлган шахсларга бевосита ёрдам кўрсатишга жалб этилади.

Шунингдек, давлат хизматидан фойдаланишда ундириладиган тўловларни марказларда жойлашган тижорат банклари шохобчасидан нақд ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширганда икки фоизгача бўлган тижорат банкининг комиссия суммаси учун алоҳида тўлов ундирилмайди (бундан давлат божи тўловлари мустасно). Бунда, маблағларни олувчиларнинг ҳар бирига йўналтириладиган суммалар пропорционал равишда камайтирилган ҳолда, тижорат банкининг комиссия тўлови хизматдан фойдаланиш учун тўланадиган тўлов ҳисобидан ўтказиб берилади.

Қайд этилишича, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар давлат хизматларини кўрсатиш ёки бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш функциялари юклатилган ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва масъул ходимлари давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун жавобгар ҳисобланади.

Янгиликлар