Ўзбекистонда 7 ой давомида 900 млн сўмдан ортиқ ноқонуний маҳсулотларнинг ички бозорларга олиб кирилиши олди олинди

«Ўзстандарт» агентлиги 2020 йилнинг 7 ойи мобайнида республика ҳудудига импорт қилинган маҳсулотларнинг қанча нарҳдагиси амалдаги меъёрий ҳужжат талабларига номувофиқлиги аниқланганини маълум қилди. Бу ҳақда «Ўзстандарт» агентлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Аниқланишича, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази қошидаги маҳсулотларни сертификатлаштириш идоралари томонидан 907 981 920 миллион сўмлик 3 турдаги маҳсулотлар амалдаги меъёрий ҳужжат талабларига номувофиқлиги аниқланиб, ички бозорларга олиб кирилишининг олди олинган. Хусусан:

  • 322 071 120 миллион сўмлик ёғ ва какао ўрнини босувчи «СолПро» ёғлилиги 99,7 фоиз, жами 32 220 кг;
  • 4 564 000 миллион сўмлик пневматик шиналар «Tunga_Zodiak_2SP-7 86T», жами 40 дона;
  • 581 346 800 миллион сўмлик сут ёғи ўрнини босувчи «Милоко с любовью» ёғлилиги 3.2 фоиз, жами 124 068 дона.

Маълумот ўрнида, Президентининг «Ўзбекистон Республикасида мувофиқликни баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш ва синов лабораториялари комплексини ривожлантириш тўғрисида»ги  қарорига асосан Ўзбекистонга четдан олиб келинаётган ҳамда республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифат ва хавфсизлик синов кўрсаткичлари тўлиқ баҳолангандан сўнг мувофиқлик сертификати расмийлаштириб берилади.

Аввалроқ Ўзбекистонга 2,7 миллиард сўмлик дори-дармонларни сомон остига яшириб олиб кирмоқчи бўлган шахслар Наманганда ва Тошкентга гашиш гиёҳванд моддасини мевалар орасига яшириб олиб кетаётган шахс Оҳангаронда ушлангани ҳақида хабар берилганди.