Қозоғистонда ўтган бир суткада 256, Қирғизистонда эса 196 кишида коронавирус аниқланди

Қозоғистонда 21 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 104 071 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 87 920 нафари тўлиқ соғайган, 1415 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир суткада 256 киши касалликка чалинган.

Фото: «Nur.kz»

Aввалроқ Қозоғистонда 22—23 август — дам олиш кунларида бозорлар, ҳаммомлар, гўзаллик салони ва сартарошхоналар ёпилиши ҳақида хабар берилганди. Маълум қилинишича, 17 августдан бошлаб мамлакатда карантин тартиби енгиллаштирилган, аммо дам олиш кунларида қатъий чекловлар сақлаб қолинган.

Қирғизистон

Қирғизистонда 21 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, 42 703 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 35 831 нафари соғайиб, 1498 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 5374 киши коронавирусдан даволанмоқда. Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан касалланганлар сони 196 кишига кўпайган.

Фото: «Kloop.kg»

Aввалроқ Қирғизистонда сўнгги бир суткада 14 нафар тиббиёт ходими COVID-19 юқтириб олгани хабар қилинганди. Мамлакатда жами 3059 шифокор коронавирусга чалинган.

Тожикистон

Тожикистонда 21 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 8203 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 7006 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 66 нафари вафот этган. Ҳозирда 1131 нафар бемор коронавирусдан даволанмоқда.

Фото: «Asia-Plus»

Aввалроқ Тожикистонда пандемия даврида темир йўл транспорти орқали юк ташиш ҳажми ошгани маълум қилинганди. Таъкидланишича, 2020 йилнинг январ—июль ойларида поездлар орқали 3,6 миллион тонна юк ташилган.

Туркманистон

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Aйни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган. Aввалроқ Aшхобод мактабларида COVID-19’га қарши профилактика чоралари кўрилиши ҳақида хабар берилганди.

Фото: «Хроника Туркменистана»

«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, синфларда ўқувчилар сони 15 нафардан ошмаслиги керак. Шунингдек, парталар орасидаги масофа 2 метр бўлиши лозим. Дарслар икки сменада, ўқувчилар сони кўп бўлган мактабларда эса уч сменада ташкил этилади.

Россия

Россияда 21 август маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 942 106 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистондан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 755 513 нафари соғайган, 16 099 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 4785 та янги ҳолат аниқланган.

Фото: «Reuters»

Aввалроқ Россия вилоятлари 31 августга қадар гриппга қарши вакцинани қабул қилиб олиши ҳақида хабар берилганди. Маълум бўлишича, айни пайтга қадар 19 та вилоятга вакцина етказилган.

Янгиликлар