Шофирконда уйида бир туп каннабис гиёҳванд ўсимлиги парваришлаётган ва 12,5 гр марихуана сақлаётган шахс аниқланди

Бухоро вилояти Шофиркон туманида уйида 1 туп каннабис гиёҳванд ўсимлиги парваришлаётган ва 12,52 грамм марихуана сақлаётган шахс аниқланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалида хабар берилди.

Республика бўйлаб ўтказилаётган «Қорадори—2020» тадбири доирасида ИИБ ходимлари томонидан фуқаро К.О.нинг уйи холислар иштирокида текширилганда унинг томорқасида 1 туп каннабис гиёҳванд ўсимлиги экилгани маълум бўлган.

Шунингдек, ундан уйида ноқонуний ашёлар бор, йўқлиги сўралганда К.О. ўз ихтиёри билан 4 дона гугурт қутисига солиб, қадоқланган марихуана гиёҳвандлик моддасини сақлаб келаётганини тан олган.

Ҳолат юзасидан К.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми ва 276-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Пастдарғомда уйида 8 туп каннабис ўсимлигини етиштираётган аёл қўлга олингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар