Тойлоқ тумани ҳокими: «Карантин вақтида биз тадбиркорларнинг кўмагида оғир вазиятдан чиқдик»

Тойлоқ туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров турли соҳа ва йўналишларда фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳамда сектор раҳбарлари билан учрашди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, Баҳодир Бобоназаров пандемия даврида туманда аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини асраш, озиқ-овқат, дори-дармон ва тиббий воситалар захирасини яратиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

«Карантин вақтида биз тадбиркорларнинг кўмагида оғир вазиятдан чиқдик. Шу ўринда юртбошимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган ‘Саховат ва кўмак’ умумхалқ ҳаракатига ўз ҳиссасини қўшган туманимиз тадбиркорларига ўз миннатдорчилигимни билдираман», — дейди туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров.

Шунингдек, туман раҳбари тадбиркорларни «Саховат ва кўмак» жамғармасига имкон қадар ҳисса қўшишга, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор оилалар тақдирига бефарқ бўлмасликка чақирди.

Маълумот учун, аввалроқ Когонда «Саховат ва кўмак» тадбирлари доирасида муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилгани, Асакада «темир дафтар»даги ишсиз фуқаролар иш билан таъминлангани ҳамда Бухорода 50 мингта эҳтиёжманд оила аъзосига 200 минг сўмдан жами 10 миллиард сўм тарқатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар