COVID-19’га чалинган шахс ўзи рўйхатдан ўтган ҳудуддан ташқарида бўлса, касаллик варақасини қандай очиши маълум қилинди

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида 21 cентябрь, душанба куни брифинг ўтказилди. Унда, хусусан, COVID-19’га чалинган шахс ўзи рўйхатдан ўтган ҳудуддан ташқарида бўлса, касаллик варақасини қандай очиш тартиби ҳам маълум қилинди.

Фото: «Repost»

Севара Убайдуллаева иштирокидаги брифингда коронавирус инфекцияси борасида долзарб саволлар юзасидан жавоб қайтарилди. Хусусан, коронавирусга чалинган одам рўйхатдан ўтган жойидан узоқда бўлса, касаллик варақаси қандай очилиши ҳақида ҳам бугунги брифингда маълум қилинди.

Айтилишича, бундай ҳолатда варақани очтириш яшаш жойидан доимий ёки вақтинча ташқарида бўлиш характеридан келиб чиқиб турлича бўлади.

«Aгар сиз доимий рўйхатдан ўтган яшаш жойингизда яшамай, бошқа жойда вақтинчалик прописка билан яшасангиз, унда шу вақтинчалик рўйхатдан ўтган ҳужжатингиз асосида яшаб турган жойингиздаги КТМП, ОП, ҚОП, ҚВПларда рўйхатга туришингиз лозим. Коронавирус билан касалланиб қолган даврингизда касаллик варқасини очишда муаммолар бўлмайди», — дейди Севара Убайдуллаева.

Шунингдек, касалликка чалинган шахс тиббиёт муассасасига мурожаат этмаган ва рўйхатга турмаган бўлса ҳам, вақтинчалик рўйхатдан ўтганлик ҳужжатлари асосида касалликни биринчи кундан мурожаат этади, шу даврда ҳам унга касаллик варақаси очилади.

Қайд этилишича, бирор шахс вақтинчалик бошқа ҳудудга меҳмондорчиликка кетиб, шу ҳудудда касалланиб қолса, унга тиббий хизмат кўрсатилади, лекин касаллик варақасини яшаш жойидан очиши керак бўлади.

Aввалроқ Ўзбекистон 20 фоиз аҳолига етадиган миқдорда вакцина олиш бўйича шартномага эга бўлиши ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар