Қоровулбозорда 34 нафар ходимнинг 207 млн сўмлик иш ҳақи ундирилди

Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида 34 нафар ходимнинг 207 миллион 136 минг сўмлик иш ҳақлари ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бошқармаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Хабарга кўра, Когон туманлараро судининг 13 августдаги «Узпартаъминот» акциядорлик жамиятидан 34 нафар ходимнинг 207 миллион 136 минг сўмлик иш ҳақларини ундириш тўғрисида ижро ҳужжати бюронинг Қоровулбозор тумани бўлими иш юритувига келиб тушган.

Маълумот ўрнида, конституциянинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланган.

Меҳнат кодексига кўра, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу кодексда кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланиши ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги кўрсатилган.

Аввалроқ Самарқандда 200 нафар фуқаронинг 600 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи, пенсия ва нафақа пуллари ундирилгани, Хивада тадбиркор фойдасига салкам 275 миллион сўм маблағ ундириб берилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар