Бағдоддаги қишлоқда 12 та кўп қаватли уйнинг қурилиш ишлари бошланди
Фарғона вилояти Бағдод туманидаги қишлоқда 12 та кўп қаватли уй қурилиш ишлари бошланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 10 октябрь куни Бағдод туманида бўлиб, бу ердаги қурилиш жараёни билан танишган. Танишиш давомида мутасаддиларга ёзда салқин, қишда иссиқликни таъминловчи, замонавий қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда кўп қаватли уйлар қурилишини кўпайтириш ва бунёдкорлик ишларига хусусий сектор вакилларини жалб этиш ҳамда 21 та қўшимча кўп қаватли уй қуриш бўйича топшириқлар берган.
Маълум қилинишича, тумандаги Гулистон қишлоғи қурилиш майдонига айланган. Aйни пайтда ҳудудда 26 та кўп қаватли уйлар қуриш бош лойиҳаси ишлаб чиқилган. Шундан 12 тасига пойдеворлар қўйилиб, қурилиш ишлари бошланган.
Таъкидланишича, вилоят ҳокими ушбу уйларни арзон ва сифатли қуриш топшириғини берган, 1 квадрат метрни 3 миллион сўмдан оширмаслик кераклигини таъкидладлаган. Ушбу уйлар қурувчи тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан қурилади. Қурилишга кредит юки уй олувчига тушмайди. Ушбу уйларни барча уй жойга муҳтож оилалар олиши мумкин ва бошланғич тўловларни қабул қилиш бошланади. Шунингдек, ипотека кредит орқали ҳам бериш йўлга қўйилади.
«Энг муҳими, бунёдкорлик ишларига хусусий сектор вакилларини кўпроқ жалб этиш керак ва қурилаётган уйларнинг нархи талабгорларни қониқтирадиган бўлсин. Қурувчи ташкилоти ўз маблағлари эвазига уйни қуриб битказса, банк кредитига эҳтиёжи йўқ бўлса, шундагина уйларнинг нархи баланд бўлмайди. Шунинг учун бизга ҳар томонлама салоҳиятли, иқтисодий жиҳатдан барқарор қурувчилар керак. Янгиланаётган Ўзбекистонни ана шундай бунёдкорлар барпо этяпти. Ижтимоий соҳа объектлари, йўллар ва пиёдалар йўлаклари, аҳолига хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканлари тармоқларини юзага келтириш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш эса — бизнинг вазифамиз», — деди вилоят ҳокими.
Эслатиб ўтамиз аввалроқ Бағдодда қиймати 19 млрд сўм бўлган корхона ташкил этилиши, туманда 2022 йилнинг январь ойидан бошлаб тиббий буюмлар ва техникалар ишлаб чиқарилиши ҳамда Боғдодда депутатлар туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни тузгани ҳақда хабар қилинганди.