Россиядаги ўзбек мигрантларини ташкилий асосда ишга қабул қилиш даражаси 10 фоиздан кам экани маълум қилинди

Олий Мажлис Сенатининг 20 ноябрь кунги ялпи мажлисида Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари масаласида юборилган парламент сўровига ҳукуматнинг жавоби муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Қайд этилишича, ташқи меҳнат миграцияси соҳасида тизимли назоратни йўлга қўйиш, Ўзбекистон фуқароларини ташкилий асосда ишга қабул қилиш ва жалб этиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ҳукумат томонидан Президентнинг бир қатор фармон ва қарорлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланган.

Хусусан, 2020 йил 15 сентябрда Президентнинг «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Ушбу қарор билан фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш амалиётини самарали йўлга қўйиш, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро тан олинадиган сертификатларни бериш бўйича чора-тадбирлар режалари тасдиқланган.

Бундан ташқари, ташқи меҳнат миграцияси соҳасига оид ахборотларнинг тезкор айланишини таъминлаш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ижтимоий тармоқларда расмий ахборот каналлари ишга туширилган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Хусусан, Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигининг шартнома-ҳуқуқий асосини ташкил этувчи асосий ҳукуматлараро битимларнинг Россия ҳудудида тўлиқ амал қилинишини таъминлаш бўйича ишлар тизимли йўлга қўйилмаганлиги сабабли ҳалигача фуқароларни ташкилий асосда ишга қабул қилиш даражаси пастлигича қолмоқда. Мажлисда ушбу кўрсаткич 10 фоиздан кам эканлиги таъкидланди.

Муҳокама якунида Вазирлар Маҳкамаси, бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Ташқи ишлар вазирликларига қайд этиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, икки томонлама битимларнинг сифатли ижросига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилди. Тегишли чора-тадбирлар дастурларини қабул қилиш лозимлиги таъкидланди. Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Аввалроқ Ўзбекистондаги ишсизлик даражаси маълум қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонлик мигрантларни пандемия даврида Россияга ишга юбориш тартиби соддалаштирилиши ҳақида хабар берилган.