Дунёнинг яна 3 мамлакатида коронавируснинг янги тури — COVID-21 тарқалди
Буюк Британияда топилган коронавирус инфекциясининг янги тури — COVID-21 жаҳоннинг яна учта мамлакатида қайд этилди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га таяниб, «РБК» хабар берди.
Айтилишича, илгари маълум бўлган COVID-19 вирусидан ҳам тезроқ тарқаладиган SARS-CoV-2 штамми Голландия, Дания ва Австралиядаги беморларда топилган. ЖССТнинг таъкидлашича, мутация кўпроқ юқумли касалликларга олиб келган бўлса-да, вирус ҳали хавфли даражадаги ҳолатларни келтириб чиқармаган. Шу билан бирга, ҳозирча янги штамм мавжуд эмлашлар билан қандай таъсирга киришишига оид илмий далиллар мавжуд эмас.
Бу вирус ҳақида аввалроқ Буюк Британия расмийлари хабар берган эди. Бош вазир Борис Жонсоннинг айтишича, янги штамм олдингисига қараганда 70 фоиз тезроқ тарқалиши мумкин. Унинг ўлим даражаси ошгани ҳақида эса ҳали бирон-бир маълумот йўқ. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Метт Хенкокнинг сўзларига кўра, COVID-19 янги мутацияси Лондон, Эссекс, Кент ва Хертфордшир ҳудудларида аниқланган. Шунингдек, 1000 дан ортиқ одам янги штамм билан касалланган.
19 декабрь куни Британия ҳукуматининг бош тиббиёт ходими ва тиббиёт бўйича маслаҳатчиси Крис Уитти мамлакатда тарқалган янги вирусни тасдиқлаган эди.