Ўзбекистонда ҳафтанинг иккинчи ярмидан ҳаво исий бошлайди

«Ўзгидромет» Ўзбекистонга ҳафта давомида Эрон ҳудудидан илиқ ҳаво массалари кириб келиши ва ҳаво исий бошлашини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 23 декабрда Кавказ ҳудудларидан кириб келган бироз нам ҳаво массалари республика ҳудудлари бўйича силжийди. Республика ҳудудларининг кўп қисмида ёғингарчиликсиз булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат марказий ҳудудлар бўйича баъзи жойларда бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди.

Шунингдек, 24–25 декабрда бизнинг ҳудудимизга Эрон ҳудудларидан илиқ ҳаво массалари кириб келади. Ҳаво ҳарорати кўтарилади ва иш ҳафтасининг охирига келиб, кундуз кунлари ҳаво 7–12 даражагача исийди.

Қайд этилишича, ҳудудларнинг кўп қисмида шу кунларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Фақат, республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига 25 декабрда жанубий циклон кириб келиши бошланади, бунинг ҳисобига Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида асосан ёмғир кўринишидаги бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» Ўзбекистонда 16 декабрдан 18 декабргача антитциклоннинг совуқ периферияси кучсизланиб, ҳаво ҳарорати исий бошлашини маълум қилинганди.

Янгиликлар