Саудия Арабистони Умра зиёрати учун халқаро парвозларни тўхтатди

Саудия Арабистони бир қатор мамлакатларда коронавируснинг янги тури аниқлангандан сўнг халқаро парвозлар, жумладан, «Umrah International» — Умра зиёрати учун халқаро парвозларни ҳам вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: «JCDecaux»

Маълум қилинишича, янги чекловлар ушбу вирус ҳақидаги маълумотлар аниқ бўлгунга қадар амал қилади. Айни чеклов бир ҳафта муддатга узайтирилиши мумкин бўлган ҳолда киритилган.

Айтилишича, Саудия Арабистони ҳукумати қуйидаги чекловларни жорий қилди:

  • халқаро парвозларни тўхтатди, аммо аввалроқ қиролликка хориждан етиб келганлар мамлакатни тарк этиши мумкин;
  • қуруқлик ва денгиз чегаралари вақтинча ёпилди;
  • Европа мамлакатлари биридан ёки коронавируснинг янги тури пайдо бўлган ҳар қандай давлатдан қайтиб келган фуқаролар икки ҳафта давомида ўзини изоляциялаши, COVID-19 тестини топшириши керак;
  • сўнгги уч ой ичида Европадан ёки янги коронавирус тури пайдо бўлган мамлакатдан қайтиб келганлар учун коронавирусга топшириладиган тест ҳам мажбурийдир.

Маълумот учун, бу вирус ҳақида аввалроқ Буюк Британия расмийлари хабар берган эди. Бош вазир Борис Жонсоннинг айтишича, янги штамм олдингисига қараганда 70 фоиз тезроқ тарқалиши мумкин. Унинг ўлим даражаси ошгани ҳақида эса ҳали бирон-бир маълумот йўқ.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Метт Хенкокнинг сўзларига кўра, COVID-19 янги мутацияси Лондон, Эссекс, Кент ва Хертфордшир ҳудудларида аниқланган. Шунингдек, 1000 дан ортиқ одам янги штамм билан касалланган. 19 декабрь куни Британия ҳукуматининг бош тиббиёт ходими ва тиббиёт бўйича маслаҳатчиси Крис Уитти мамлакатда тарқалган янги вирусни тасдиқлаган эди.

Шундан сўнг Европа мамлакатлари Британия билан авиақатновни тўхтатишни бошлаб юборган. Шунингдек, дунёнинг яна 3 мамлакатида — Голландия, Дания ва Австралияда ҳам COVID-21 тарқалди.

Янгиликлар