Сурхондарёда аёл 2 ойлик чақалоғини 2 минг долларга сотмоқчи бўлди — видео

Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида 12 январь куни 1996 йилда туғилган аёл икки ойлик ўғил фарзандини сотаётганида ушланди. Бу ҳақда «Zamon» ахборот дастурида хабар берилди.

Фото: Telegram

Маълум бўлишича, 2021 йил 12 январь куни Сурхондарё вилояти Ички ишлар бўлими Терроризм ва эктремизмга қарши курашиш бошқармаси ва Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Шўрчи туманида яшовчи 1996 йилда туғилган аёл икки ойлик ўғил фарзандини сотаётганида ушланган.

Аёл Денов шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида бошқа бир фуқарога 1900 АҚШ доллари ва 1 миллион сўм эвазига сотаётган вақтида қўлга тушган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Денов тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Аввалроқ Фарғонада бир ёшли фарзандини 1500 долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани маълум қилинган эди.