Афғонистон ва Покистонда зилзила оқибатида 11 киши ҳалок бўлди

Афғонистон ва Покистонда 21 март куни содир бўлган зилзила оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, 44 киши жароҳат олган.

Покистоннинг Хайбар-Пахтунхва вилоятида табиий офат оқибатида 9 киши ҳалок бўлган, 44 киши жароҳатланган. Афғонистон табиий офатлар оқибатларини юмшатиш агентлиги вакили Лағмон вилоятида икки киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Зилзила Покистон, Ҳиндистон ва Марказий Осиёнинг бошқа қатор давлатларида ҳам қайд қилинган. Ер силкиниши сезилган барча мамлакатларда одамлар шошилинч равишда уйларини тарк этишгани ҳақида хабарлар бор.

Покистон ОАВларига кўра, зилзила Покистон пойтахти Исломобод, шунингдек, Лаҳор, Равалпинди, Кветта, Пешовар ва мамлакатнинг бошқа бир қанча шаҳарларида сезилган.

21 март куни эрталаб Европа–Ўрта Ер денгизи сейсмология маркази Афғонистонда 6,8 магнитудали зилзилани, кейинроқ иккинчи 6,5 магнитудали зилзилани қайд қилган. Афғонистондаги зилзила кучи Тошкент вақти билан соат 21:47 да Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида сезилган. Ўзбекистон ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг марказига кўра, зилзила магнитудаси 6,6 балл бўлган. Зилзила эпицентри Тошкентдан 561 км жануби-шарқда. ФВВ зилзила оқибатида республика ҳудудида ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар кузатилмаганини маълум қилди.

Шунингдек, Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сейсмологик экспериментал-услубий экспедицияси мамлакат жанубида зилзила кучи уч баллни ташкил этгани, Чимкент, Тараз, Олмаота, Туркистон вилоятида ҳам сезилгани ҳақида маълум қилганди.

Янгиликлар