Самарқандда олти ой ичида 600 дан ортиқ даъво аризалари киритилгани маълум қилинди
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг 21 август куни ўтказилган ўн иккинчи сессиясида вилоят прокурори Фарҳод Зуфаров 2020 йилнинг 6 ойи давомида вилоят бўйича судларга 19 миллиард сўмлик 614 та даъво аризалари киритилганини маълум қилди.
Маълум бўлишича, прокурорларнинг қарор ва тақдимномалари асосида 2012 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган. Ноқонуний қарорларга 1349 та протест келтирилган ҳамда судларга 19 миллиард сўмлик 614 та даъво аризалари киритилган.
Фарҳод Зуфаровнинг қайд этишича, ҳисобот даврида кўрилган чоралар, давлат органлари ҳуқуқий ҳужжатларининг доимий равишда ўрганилиши натижасида 6056 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 1343 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
«Ўтказилган текширувлар натижаси билан ҳамда жиноятларни тергов қилиш жараёнида 14 миллиард сўмлик ёки 96 фоиз зарарларнинг ундирилиши ва маҳаллий бюджетга туширилиши таъминланган. Фақатгина умумий назорат йўналиши бўйича қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 157 та жиноят иши қўзғатилган», дейилади хабарда.
Аввалроқ Самарқандда ўтган 6 ой давомида 19 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берилганди.