Жомбойда «ЎзЛиДеП» депутатлари ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди
Ўзбекистон либерал-демократик партияси Самарқанд вилояти Жомбой тумани кенгаши депутатлари томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва эсдалик совғалари тарқатилди. Бу ҳақда Жомбой туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Байрам арафасида партия фаолларининг йўқлаб келганидан хурсанд бўлди. Айниқса, депутатларнинг биз каби ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олаётгани халқимиз орасида келажакка ишонч уйғотиши шубҳасиз», – дейди «Деҳқонобод» маҳалласида яшовчи Н.Норқулова.
Ҳокимликнинг маълум қилишича, партия фаоллари пандемия шароитида кам таъминланган оилаларни доимий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Яқинда халқ депутатлари туман кенгашининг «ЎзЛиДеП» депутатлик гуруҳи раҳбари А.Икромов 155 та оилага 200 килограмм гўшт, 220 килограмм гуруч маҳсулотлари ажратган. Яна бир депутат Ж.Ниёзов эса ўзи сайланган округ аҳолисининг кам таъминланган қатламига беш турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берган.
Аввалроқ Пешкуда аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича йиғилиш ўтказилгани ва Марҳаматда «темир дафтар»даги фуқароларга бройлер жўжалари тарқатилгани хабар қилинган эди.